Ўзбекистон ҳозирча фазогир учирмоқчи эмас

Иллюстратив сурат

Ҳозирда Ўзбекистонда космонавт тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмаяпти ва коинотга фазогир учириш ғояси актуал эмас. Бу масалага “Ўзбеккосмос” агентлиги бўлим бошлиғи Муҳиддин Ибрагимов 16 январь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида тўхталган.

Космонавт учириш жуда ҳам осон нарса. Ҳозирги пайтда айтайлик, шу халқаро космик станцияга, NASAдаги америкалик ҳамкасбларимизга 50-60 миллион доллар пулини тўлаб берсак, ҳозир ҳам учирсак бўлади. Нима учун бу нарсани ҳозир тўхтатиб турибмиз? Чунки учган космонавт бориб, қўпол қилиб айтганда, селфи тушиб келиши керак эмас”, дея иқтибос келтирган “Ўзбеккосмос” вакилидан Kun.uz нашри.

Мулозим таъкидича, катта маблағ эвазига учирилган фазогир коинотда давлат манфаати йўлида тадқиқотлар олиб бориши керак. Мамлакат бундай тадқиқотлар амалга ошириши учун эса вақт зарур.

Муҳиддин Ибрагимов журналистларнинг Ўзбекистон нега ҳамон сунъий йўлдош учирмаётгани борасидаги саволига ҳам жавоб берган.

“Биз сунъий йўлдош гуруҳини учириш бўйича ишлар олиб боряпмиз. Президент қарори бўйича бизга топшириқ берилган. Биз ҳозир шу бўйича турли давлатлар билан ишлаяпмиз. Ҳисоб-китобни жойига қўйганимиздан кейин охирида таклиф киритамиз”, деган агентлик расмийси.

“Ўзбеккосмос” вакилига кўра, Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасида, хусусан, Туркия билан сунъий йўлдошни биргаликда учириш имкониятларини муҳокама қилмоқда.

2019 йил август ойида ташкил этилган “Ўзбеккосмос” агентлигига фазовий тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш вазифаси юкланган.

“Ўзбеккосмос” аввалроқ ўтган йил давомида мамлакатнинг қарийб 721 гектар ер майдонида 1928 та ноқонуний чиқиндихона борлигини аниқлагани ҳақида маълум қилганди.