Сречко Катанец футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигидан кетди. Унинг ўрнини мамлакат олимпия терма жамоаси мураббийи вазифасида ишлаб келган Тимур Кападзе эгаллади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) матбуот хизматининг маълум қилишича, Катанец соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли ассоциация билан тузилган шартномани ўзаро розилик асосида бекор қилишга қарор қилган.
Словениялик мураббий ўз мурожаатида ҳозирги ҳолатида вазифаларини тўлақонли, профессионал тарзда бажара олмаслигини афсус билан қайд этаркан, доимий қўллаб-қувватлагани ва самарали ҳамкорлик учун ЎФАга миннатдорлик билдирган.
Ўз навбатида, ЎФА Катанецга саломатлигини тиклаб, мураббийлик фаолиятини муваффақиятли давом эттиришни тилаган.
Сречко Катанец 2021 йил августидан буён Ўзбекистон миллий терма жамоасига мураббийлик қилиб келди. Унинг қўл остида терма жамоа 20 та расмий ўйин ўтказиб, 13 марта ғалаба қозонган, 5 марта дуранг ўйнаган ва 2 бор мағлубиятга учраган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Катанецнинг бетоблиги сабаб терма жамоа ЖЧ-2026 саралаш доирасидаги бир қатор ўйинларни бош мураббийсиз ўтказишга мажбур бўлган.
ЎФА матбуот хизматининг маълум қилишича, Катанец ўрнига Тимур Кападзе миллий терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланган.
“Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи ўйинларига оз вақт қолганини ҳисобга олиб, жамоа ва футболчилар билан яқиндан таниш бўлган, узоқ йиллар давомида миллий терма жамоа сафида тўп сурган ҳамда бош мураббий ва ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб борган, шунингдек, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан тарихий натижага эришган Тимур Кападзе номзоди илгари сурилди”, дея изоҳ берган ЎФА тайинлов юзасидан.
Миллий терма жамоага саралаш ўйинларини муваффақиятли якунлаб, ЖЧ-2028 иштирокчилари сафидан ўрин олиш вазифаси қўйилган.