Истанбулда қўлбола ароқдан ўлганлар сони 38 нафарга етди

Иллюстратив сурат

Истанбулда қалбаки спиртли ичимликлар истеъмол қилиш оқибатида вафот этганлар сони 38 нафарга чиқди.

Турк матбуотидаги хабарларга мувофиқ, қўлбола ароқ истеъмоли ортидан сўнгги беш кун ичида маҳаллий турғунлар ва хорижликлар дохил 92 киши Истанбулдаги турли касалхоналарга мурожаат этган. Ичкиликдан заҳарланганлардан 38 киши ҳаётдан кўз юмган, 8 киши эса муолажадан сўнг касалхонадан чиқиб кетган.

Айни пайтда спиртли ичимликдан заҳарланиш туфайли касалхонада муолажа олаётганлар сони 46 нафар бўлиб, улардан 26 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси томонидан 17 январь куни ёйинланган хабарномада пайшанба қўлбола спиртли ичимликдан вафот этган ўзбекистонликлар сони 14 нафарга етгани очиқланган. Улардан 6 нафари 14 январь, 4 нафари 15 январь, яна 4 нафари эса 16 январь куни вафот этган. Хабарномада касалхонада ётган яна уч нафар ўзбекистонликнинг аҳволи оғирлиги қўшимча қилинган.

Аввалроқ бош консулхона қалбаки спиртли ичимлик тайёрлашга алоқадорликда айбланиб, 2 нафар туркманистонлик қўлга олингани, ароқдан заҳарланиш ҳодисаси ортидан маҳаллий полиция кенг қамровли тергов ишларини бошлаб юборгани ҳақида маълум қилган эди.

Истанбул ҳокимлиги маълумотига кўра, 16 январь куни маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Истанбул шаҳрида 32 минг 862 литр қалбаки спиртли ичимлик мусодара қилинган.

Тадбирлар Султангази, Фатих, Бакиıркўй, Кучукчекмеже, Чаталcа, Эсенюрт, Зейтинбурну ва Бейкўз туманларида ўтказилиб, 9 нафар гумонланувчи қўлга олинган. Текширувлар чоғида 227 шиша сохта ичимлик ва дистиллаш ускунаси ҳам топилган. Қўлга олинганлардан 3 нафари полициядаги сўроқлардан сўнг қўйиб юборилган бўлса, 6 нафарининг тергови давом этмоқда”, дейилган Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабарномасида.