Исроил ва ҲАМАС ўртасида сулҳ битими кучга кирди

ҲАМАС гаровида бўлган уч аёлнинг озод қилинишини олқишлаётган исроилликлар, Тель-Авив, 2025 йил 19 январи

Жорий йилнинг 19 январь куни маҳаллий вақт билан соат 11.15 да Исроил Ғазо секторида оташкесим эълон қилди.

Ғазодаги жанговар ҳаракатлар 2023 йил 7 октябрида ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб эълон қилинган) Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 кишини ўлдиргани ва 250 чоғли одамни гаровга олгани ортидан бошланиб кетган эди. Гаровдагиларнинг бир қисми авваалроқ алмашувлар пайтида озод қилинган.

Исроил махсус хизматлари ҳисоб-китобига кўра, ҳозирда ҲАМАС қўлида 99 киши гаровда қолмоқда, улардан бир қисми ўлгани тахмин қилинади.

Исроиллик расмийлар қайдича, якшанба оқшомида гаровда бўлган уч нафар аёл озод қилинган. ҲАМАС вакиллари уларни Халқаро Қизил хоч ходимларига топширишган.

Гаровдан озод қилинган Роми Гонен, Эмили Дамари ва Дорон Штайнбрехер аллақачон оила аъзолари билан учрашишган. Хабарларга кўра, кеча Исроилда одамлар бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида ҲАМАС асоратида бўлган бу уч аёлни олқишлаш учун кўчаларга чиқишган. Бу аёлларнинг озод қилиниши эвазига Исроил ўз қамоқхоналарида сақланаётган 90 нафар фаластинликни озод этишни ваъда қилган.

АҚШ президенти Жо Байден Ғазода ўт очишни тўхтатиш, гаровдагиларни озод қилиш ва секторга гуманитар ёрдам етказиш бўйича эришилган келишувларни олқишлаган. АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида эришилган сулҳ битими Байден президентлик ваколатларини Дональд Трампга топширишидан бир кун аввал кучга кирган.