Исроил ва ҲАМАС Ғазо бўйича сулҳ шартномасини имзолашди

Қатар пойтахти Дохада Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни алмаштириш тўғрисидаги шартноманинг якуний версияси имзоланди. Бу ҳақда 17 январга ўтар кечаси Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу офиси вакиллари маълум қилишган.

Исроилнинг ҳарбий мулозимлари эришилган шартномани тасдиқлаш учун 17 январь куни йиғилиш ўтказишади. Бироқ битим ҳукуматнинг тўлиқ таркиби томонидан ҳам тасдиқланиши лозим, у эса, Нетаняҳу матбуот хизматига кўра, шанба оқшомидан аввал йиғилолмайди. Шу важдан ҳам шартноманинг кучга кириши 19 январдан тақрибан 20 январь туш пайтигача қолдирилади, дея маълум қилган Исроил бош вазирининг ёрдамчиси Axios нашрига.

Пайшанба (16 январь) куни Нетаняҳу офиси ҲАМАС сўнгги дақиқада шартноманинг қатор шартларидан бош тортгани ва шартномага янги бандлар қўшишга уринаётгани туфайли Исроил ҳукумати ҲАМАС билан сулҳ шартномасини маъқуллаш учун овоз беролмаслигини билдирган.

Кеча оқшом Қатардаги музокараларда томонлар битимнинг иккинчи босқичидаги алмашув доирасида ҲАМАСнинг юқори лавозимли аъзоларини озод қилишга оид талабларни тушириб қолдирган ҳолда якуний тузатишларни ўзаро мувофиқлаштирган.

Исроил ва ҲАМАС вакиллари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни алмаштириш тўғрисида келишувга эришгани ҳақида 15 январь куни маълум бўлган эди. 16 январь куни Исроил фаластинликларни келишувни барбод қилишга уринганликда айблаб чиққан. ҲАМАС вакиллари гуруҳ келишилган ҳужжатга амал қилаётганини билдиришган. Шартнома шартларига кўра, биринчи босқичда Исроил армияси Ғазодан қўшинларини олиб чиқишни бошлайди, ҲАМАС эса 2023 йил 7 октябрь куни гаровга олинганлардан 33 нафарини озод қилади.

Иккинчи босқичда томонлар ўт очишни тўлиқ тўхтатишга ва гаровдагиларнинг қолганларини озод қилишга келишишган, бунинг эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинлик мингга яқин маҳкум озод этилади.

Учинчи босқичда томонлар ҳалок бўлганларнинг жасадларини бир-бирларига топширишади. Ўша пайтга бориб Ғазо секторида Миср, Қатар ва БМТ кузатуви остида тиклаш ишларини бошлаш кўзда тутилмоқда.

ҲАМАС назорати остида бўлган Ғазодаги жанговар ҳаракатлар фаластинлик жангарилар 2023 йил 7 октябрида Исроилга уюштирган ҳужуми ортидан бошланган. Ўша ҳужумларда 1200 га яқин одам ўлган, 250 чоғли одам гаровга олинган. Улардан бир қисми алмашувлар пайтида озод қилинган. Исроил махсус хизматлари ҳисоб-китобига кўра, ҳозирда ҲАМАС қўлида 99 киши гаровда қолмоқда, улардан бир қисми ўлгани тахмин қилинади.

Ҳужумга жавобан Исроил томонидан секторда бошлатилган ҳарбий амалиёт чоғида, ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 45 мингдан зиёд фаластинлик ўлдирилган. Шунингдек, ўтган давр ичида ҲАМАСнинг қатор раҳбарлари ўлдирилган ва гуруҳ ҳарбий инфратузилмасининг бир қисми йўқ қилинган.