Ғазода оташкесим. Дастлабки озод этишлар амалга оширилди

Уйларини ташлаб чиққан фаластинликлар Ғазо бўлгасидаги Рафаҳга қайтмоқда. 19 январь, 2025 йил.

Ғазо секторида узоқ кутилган ўт очишни тўхтатиш битими 19 январь куни кучга кирди. Бир соатлик кечикишдан сўнг уч нафар исроиллик гаровга олинганлар озод қилинди.

ҲАМАС асирлигидан уч нафар исроиллик аёл озод қилинганидан бир неча соат ўтгач, 20 январь куни Исроил расмийлари режалаштирилган бир нечта алмашинувларнинг биринчисида 90 нафар фаластинлик маҳбус – барчаси аёллар ёки вояга етмаганлар – озод қилинганини маълум қилди.

Бир неча ойлик музокаралардан сўнг 15 январда келишилган битим ва гаровга олинганларни озод қилиш Ғазодаги 15 ойлик можарони тугатишга қаратилган кўп босқичли жараённинг биринчи қадами ҳисобланади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

ҲАМАС “тўлақонли келишув”га рози

Можаро Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҲАМАС Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 га яқин одамни ўлдирган ва 251 кишини Ғазога гаровга олганида бошланди. Исроил бунга жавобан Ғазода вайронкор уруш бошлади. Бу эса Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, 46 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди.

Битимга кўра, ўнлаб исроиллик гаровга олинганлар 1000 га яқин фаластинлик маҳбусларга алмаштирилади ва оғир гуманитар инқирозга дуч келган Ғазога шошилинч гуманитар ёрдам етказиб берилади.

19 январь куни битим кучга кирганидан деярли уч соатга кечикди. Исроил озод қилинадиган дастлабки уч гаровга олинганларнинг исмларини олмаганини маълум қилди. ҲАМАС эса кечикишни "техник сабаблар" билан изоҳлади.

Кечикиш пайтида Исроил Ғазодаги ҳужумларини давом эттирди. Фаластин фуқаро мудофааси фавқулодда хизмати ҳудуд бўйлаб бир нечта ҳужумларда камида 19 киши ҳалок бўлганини хабар қилди.

Ўт очишни тўхтатиш тасдиқланганидан сўнг, АҚШ президенти Жо Байден ўз лавозимини тарк этишидан бир кун олдин сўзлаган нутқида маъмурияти узоқ вақтдан бери интилаётган келишувни олқишлади.

"Бу келишувга эришиш йўли осон бўлмади ва узоқ вақт талаб этди," деди у Жанубий Каролина штати Чарлстон шаҳридаги Қироллик миссионер баптистлар черковида қисқа нутқ сўзларкан.

Байден, ўт очишни тўхтатишнинг узоқ муддатли муваффақияти кейинги маъмуриятга ҳам боғлиқ бўлишини таъкидлади. Доналд Трамп 20 январь куни туш пайтида президентлик лавозимини эгаллайди.

Трамп ижтимоий тармоқларда шундай деб ёзди: "Бугун гаровга олинганлар озод қилина бошлайди! Биринчи навбатда уч ажойиб ёш аёл озод этилади."

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен шундай деди: "Гаровга олинганларнинг ўз оилалари билан қайта учрашувини кўриш қалбларимизни умидга тўлдиради. Бу Исроил ва Фаластин халқи учун янги даврнинг бошланиши бўлсин."

Шу билан бирга, Исроилнинг ўта ўнг қанот "Яҳудий кучи" партияси ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга норозилик сифатида ҳукуматни тарк этаётганини эълон қилди. Бу ҳаракат бош вазир Бинямин Нетаняхуни парламентда заифлаштиради.

Ғазо бўйлаб байрамлар бўлди ва баъзи фаластинликлар ўт очишни тўхтатиш бошланганидан кейин ўз уйларига қайта бошлади.

Фаластинлик ёзувчи ва таҳлилчи Зоҳир ал-Кошифнинг айтишича, ҳудудда "енгиллик ва бахт ҳисси" ҳукм сурмоқда. Аммо унинг сўзларига кўра, аксарияти вайронага айланган Ғазодаги кўпчилик ноаниқ келажак олдида турибди.

"Биз ҳақиқий ёрдам ва келажагимиз учун аниқ истиқболни кутяпмиз. Бу кенг кўламли вайронагарчилик, қашшоқлик ва очлик соясида мавҳум кўринади," деди Ғазо шаҳрида яшовчи Кошиф.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Уруш анатомияси: Араб-Исроил урушлари, Исроил-Фаластин зиддияти тарихи

Битимнинг биринчи босқичида олти ҳафталик ўт очишни тўхтатиш бошланади. Бу вақтда Исроил қўшинлари Ғазонинг айрим қисмларидан чиқиб кетади. ҲАМАС Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликлар эвазига 90 га яқин исроиллик гаровга олинганларнинг 33 нафарини озод қилади.

Можаро натижасида кўчирилган фаластинликларга келишувнинг биринчи босқичида ўз уйларига қайтишга рухсат берилади. Шунингдек, ҲАМАС назоратидаги анклавга гуманитар ёрдам етказила бошлайди.

Битимнинг иккинчи ва учинчи босқичи бўйича кейинги музокаралар келишув амалга оширилишининг 16-кунида бошланади. Таҳлилчилар таъкидлашича, бу битимнинг узоқ муддатга чўзилиши учун биринчи жиддий синовга айланиши мумкин.

Шартноманинг иккинчи босқичи қолган гаровга олинганларни озод қилишни ва энг муҳими, урушни тугатишни ўз ичига олади. Битимнинг якуний босқичи Ғазо ҳудудини қайта тиклашга қаратилган.

Исроил-Ҳамас уруши Яқин Шарқнинг геосиёсий манзарасини тубдан ўзгартирди. Бир пайтлар ҳукмрон кучлар бўлган Эрон ва Россия сезиларли даражада заифлашди, Исроил эса минтақавий таъсирини кенгайтирди.

Мавзуга алоқадор ХЖС ордерига қарамай Польша Нетаняхуни ҳибсга олмоқчи эмас

Тел-Авивдаги Бар Илан университети катта ўқитувчиси Менахем Клейннинг айтишича, кўплаб исроилликлар ўт очишни тўхтатиш келишувига нисбатан "аралаш туйғуларни" ҳис этмоқда.

"Улар гаровга олинганлар қайтиб келганидан жуда хурсанд. Бошқа томондан, урушдан кўзланган мақсад амалга ошмаганидан ҳафсалалари пир бўлмоқда. Исроил ҲАМАСни тугатмади. Шунинг учун келгусида урушни давом эттириш ва ҲАМАСни йўқ қилиш, бутунлай тугатишни кутишади," деди ҳукуматнинг собиқ маслаҳатчиси Клейн.