Фарғона вилоятида бир неча киши қўлбола ароқдан заҳарланган, улардан бири ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Қайд этилишича, 5 сентябрь куни Қўштепа туманида икки киши, Олтиариқ туманида эса беш киши заҳарланиш аломати билан касалхонага ётқизилган. Бир киши нобуд бўлгани айтилмоқда.
Терговга қадар текширув чоғида қўштепалик А. Д. Ва бошқалар ўзаро тил бириктирган ҳолда сотиш мақсадида қўлбола ароқ ясашган. Шишаларга “Актау” ва “Каратау” деган этикеткаларни ёпиштирган бу кишилар ясама маҳсулотни умумий овқатланиш масканларидан бири ҳамда бир оилавий корхонага сотишган.
6 сентябрь куни мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 186−1-моддаси (Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи А. Д. процессуал тартибда ушланган, иш юзасидан тергов давом этмоқда.