COSCOM (Ucell) ширкати жаримага тортилди

Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси COSCOM (Ucell) компаниясини жаримага тортди.

Қўмита матбуот хизмати қайдича, мониторингларда COSCOM ширкати томонидан оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилган рекламаларда бўрттирувчи маъно ифодалангани ҳолатлари аниқланган.

Шунга кўра қўмита махсус комиссияси томонидан компанияга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши аломатлари билан иш қўзғатилган ва молиявий жарима қўллаш хақида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, уяли алоқа операторига қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилган.

Қўмита хабарномасида қарордан норози бўлган томон апелляция кенгаши ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани эслатилгани ҳолда, рекламалардаги “бўрттирувчи маъно” айнан нима эканига ойдинлик киритилмаган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, 2021 йил февраль ойида келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов 70,32% улушига эгалик қилувчи Россиянинг “Мегафон” ва USM Telecom операторлари Digital Holding қўшма корхонасини ташкил этиш борасида ўзбек томони билан келишувга эришганди. Янги корхонага Ucell компанияси ҳамда USMнинг Ўзбекистондаги активлари – CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan капиталининг 100 фоизи ўтказилган.

Ўшанда 100 миллион долларлик сармоя эвазига 8 миллион абонентга эга уяли телефон операторининг назорат пакети рус ширкатига ҳеч қандай тендерсиз берилиши бир қатор саволларни пайдо қилганди.