Россия Ветеринар ва фитосанитар федерал хизмати жорий йил 15 июлидан мамлакат ҳудудига Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидан помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлади.
Россельхознадзор иддаосига кўра, мазкур вилоятдан келтирилган помидор ва қалампирларда тобамовирус (Tomato brown rugose fruit virus (ToBRFV)) топилган.
Ташкилот тақиқнинг қачонгача давом этишини очиқлаган эмас.
Россельхознадзор ўтган йил ноябрида Фарғона вилоятидан, декабрида эса Навоий ва Қашқадарё вилоятларидан Россия Федерацияси ҳудудига помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Бу тақиқлардан бири 3 ой, яна бири 6 ой ўтгач, бекор қилинганди.