Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ИИБ биносида фуқарони калтаклаб, унинг ўлимига сабаб бўлган ички ишлар ходими Фирдавс Мурадуллаев 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Kun.uz нашри суд ҳукмига таянган ҳолда хабар қилди.
Ўттиз уч ёшли Фирдавс Мурадуллаев 2022 йил январ ойидан 2024 йил 1 июлига қадар Тошкент вилояти ИИББ учинчи минтақавий ҳудуд Бекобод шаҳри ИИБ ЖХХ ҳуқуқбузарликлар профилактика бўлинмаси профилактика инспектори лавозимида ишлаб келган.
Тергов хулосасида қайд этилишича, 2024 йил 19 июнь куни соат 17:30 ларда профилактика инспекторлари томонидан ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан фаол қаршилик кўрсатгани сабабли ака-ука Дилмурод ва Дилшод Юсупвалиевлар ЖИБ Бекобод шаҳри суди биносидан Бекобод шаҳри ИИБ маъмурий биносига куч ишлатиб олиб келинган. Фирдавс Мурадуллаев Дилмурод Юсупвалиевнинг қўлларини орқага қайирган ҳолда қаддини буккан ҳамда қорин қисмига тиззаси билан зарба берган. Сўнгра уни ерга йиқитиб, юз ва қорин қисмларига зарба бериб, оғир тан жароҳати етказган.
Судланувчи вақтинча ушлаб туриш учун тегишли қарор қабул қилинмаганини билатуриб, ака-ука Юсупвалиевларни ИИБ биноси ичидаги ВУТХга киритишга эришган. Оқибатда Дилмурод Юсупвалиев воқеа жойида вафот этган.
Ф.Мурадуллаев жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ВУТХ ичида Дилшод Юсупвалиевни ҳам калтаклаган.
Суд Ф.Мурадуллаев Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши), 109-моддаси 1-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва 206-моддаси 1-қисмида (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) айбдор деб топган. Узоқ йил қамоққа ҳукм қилинган ходим 3 йил муддатга ИИБ тизимида, давлат иштирокидаги ташкилотларда раҳбарлик ҳамда моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган.
Бекобод шаҳри ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этгани ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Ўшанда ИИБ фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этганини иддао қилганди. Фаоллар эса эркакнинг ўлимига ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани сабаб бўлганини билдиришган эди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига кўра, 2024 йилнинг 10 ойи мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган фуқароларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани юзасидан 158 та шикоят келиб тушган. Шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чораси қўлланган. Учта ҳолатда ходимларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.