Нашр ўзгача фикрлиларнинг қамалиши Ўзбекистонда янги ҳолат эмаслиги, аммо ёқилғи етишмовчилиги сабаб ўз норозилигини ошкора билдирган оддий ҳайдовчининг қамалиши ортидан юзага келган оммавий норозилик ноодатий бўлганига эътибор қаратган.
Ғайрат Дўстов ўтган йили пойтахт Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шохобчасида туриб, норозилигини ғазаб билан ифода қилган видеоси тарқалганди. У ҳайдовчилик орқасидан тирикчилик қилар ва машинасини ёқилғига тўлдириш учун узоқ навбат кутганди, аммо ёқилғи тугаб қолди. У бор хасратини тўкиб солди, едирилиб, титилиб кетган кроссовкаларини ечиб, камерага кўрсатди. Дўстов яшаётган мамлакат дунёнинг энг йирик 20 та газ ишлаб чиқарувчилари қаторига кирса-да, ҳар қиш ёқилғи танқислигига дуч келадиган кўплаб ўзбекларнинг норозилигини ифодалаган эди у, дейди мақола муаллифи.
Бу 2016 йилда мустабид салафи Ислом Каримов вафотидан сўнг президентлик лавозимига келган Шавкат Мирзиёевнинг шиори “Янги Ўзбекистон” қуриш эди. Мирзиёев инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қиладиган, халқпарвар мамлакатни барпо этиш учун бир қатор либерал ислоҳотларни бошлади. У илгари сурган кун тартибига бозор ва ҳуқуқий ислоҳотлар, давлатнинг иқтисодиёт тармоқларидан чекиниши ва сўз эркинлиги кафолатлари киритилганди. "Сўз эркинлиги, фуқаролар эркинлиги ва қонун устуворлиги таъминланган демократик давлатда гапириш ҳуқуқига эга эмасманми?" деб сўраганди Дўстов.
Афсуски, бундай эмас экан. Суд жаноб Дўстовни безориликда айблаб, 15 кун муддатга қамоққа ҳукм қилди, бу эса ватандошлари ғазабини қўзғади: у "миллионлаб ватандошларининг фикрини айтганди," деб ёзди улардан бири интернетда. Ижтимоий тармоқларда бир мем тарқалди: унда бир маҳбус камера панжараларини ушлаб турибди, оёқларига ёнилғи идиши шаклидаги тўп боғланган. Кўтарилган шовқин туфайли Дўстов янги йил байрамини қамоқда ўтказиб, апелляция шикояти асосида муддатидан олдин озод қилинди. Шунга қарамай, унинг қамоққа олиниши "жамоатчиликнинг давлатга бўлган ишончига катта зарар етказди," дейди ижтимоий тармоқларда кенг аудиторияга эга адвокат Хушнудбек Худойбердиев.
Дўстовнинг қисқа муддат қамоққа олинганидан оммавий норозилик кутилмаган ҳолат эди, дейди мақола муаллифи. Жаноб Мирзиёев томонидан 2021 йилда тасдиқланган, президентни танқид қилишни жиноят деб белгилайдиган ва беш йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган қонун асосида ўнлаб одамлар қамоққа олинди.
Ўтган йили бир аёл Мирзиёев ҳақида шахсий овозли хабарларида айтган гапи учун қамоққа олинган эди. Бундай ҳолатлар Каримовнинг темир мушт бошқарувини эслатади, деб ёзди “The Economist”. Human Rights Watch ташкилоти таъкидлашича, бу "Президент Мирзиёевнинг ислоҳотларга оид ваъдаларини масхара қилишдир".
Ўзгача фикрловчиларнинг ҳолатлари ва уларга нисбатан муносабат камдан-кам ҳолларда жамоатчиликни ғазаблантиради. Аксинча, Дўстовнинг қамоққа олиниши ўзбек ижтимоий тармоқларини ларзага келтирди. Бу унинг таниқли бўлмаганига қарамай эмас, балки айнан шу сабабли юз берди. У зиёли, таниқли эмас, балки оддий ўзбек фуқароси, камбағал ишчи халқнинг кундалик ташвишларини ифода этувчи қиёфасида гавдаланди. Унинг қамоққа олиниши, танқидчилар кўтарган муаммоларни ҳал қилиш ўрнига уларни жим қилишни афзал кўрадиган ҳукуматнинг одатий зўравон муносабати сифатида қабул қилинди. Кўпчилик ўзбекистонликлар танқидга тоқат қила олмайдиган давлат Дўстовдан қасос олган, деб ҳисоблайди.
Унинг қамоққа олинишига бўлган норозилик саккиз йилдан ортиқ вақт давомида "Янги Ўзбекистон" ҳақида гапириб, аммо уни ишончли тарзда ярата олмаган президент ва унинг ислоҳотлар дастуридан умидлар ушалмаганидан далолат беради, дейди мақола муаллифи.
Мирзиёев ўзбекистонликларга эркин ифода ҳуқуқини ваъда қилган эди. Энди улар панжаралар ортига ташланмасдан ҳам бу ҳуқуқдан фойдалана олишни кутишмоқда, деб ёзади The Economist.
Форум