Халқаро хабарлар
Қирғизистоннинг Талас вилоятида сайлов натижасидан норози бўлганлар митингга чиқишди
Қирғизистоннинг Талас вилояти Қорабура тумани Қизиладир қишлоғида яшовчи аҳоли 20-Манас сайлов округи бўйича ўтказилган сайлов натижаларидан норози бўлиб, митингга чиқди. Сайловчилар парламентнинг собиқ спикери, депутатликка номзод Дастан Жумабеков овоз сотиб олиш билан шуғулланганини иддао қилишиб, уни сайловдан четлатишни талаб қилишган, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.
Дастлабки натижаларга кўра, Жумабеков учун мазкур округдан участкага келган сайловчиларнинг 39,37 фоизи овоз берган. Унинг рақиби бўлган номзод Мирлан Нарбеков эса 38,99 фоиз сайловчининг овозини олишга муваффақ бўлган.
Аввалроқ Дастан Жумабеков сайловчилар овозини сотиб олишга оид барча айбловларни рад этган. Бугунги митинг бўйича эса у ҳали изоҳ бергани йўқ.
Қирғизистонда 28 ноябрь куни парламент сайлови бўлиб ўтган. Мамлакатнинг янги конституциясига мувофиқ, бу гал парламентга 90 нафар депутат сайланиши, улардан 54 нафарини партиялар номзодлари, 36 нафарини эса бир мандатли округлардан сайланган кишилар ташкил этиши керак.
Кун янгиликлари
Сайёҳдан пул олган ИИБ ходимлари ишдан бўшатилди
Кореялик сайёҳдан тарихий объектга кириш учун ноқонуний равишда пул талаб қилган ички ишлар органларининг икки нафар ходими ишдан бўшатилди.
“Мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, патрул-пост хизмати батальонининг икки нафар ходими ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этгани учун хизматдан бўшатилган”, дея иқтибос келтирган Kun.uz нашри Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбаридан .
Хабарда ходимлар шунчаки бўшатилганми ёки уларга нисбатан иш қўзғатилганми деган масалага ойдинлик киритилмаган.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ички ишлар ходимларининг кореялик сайёҳдан тамагирлик билан пул ундиргани акс этган видеолавҳа танқидий муҳокама қилинмоқда.
Парк Жун Ҳеи исмли сайёҳ YouTube платформасидаги “Deno trip” каналига Самарқандга сафари ҳақида видео жойлаган.
Унда Регистонда хизмат олиб бораётган икки нафар ички ишлар ходими тарихий объектга кириш учун чипта қидириб юрган сайёҳдан 50 минг сўм ундирганини кўриш мумкин. Ходимлар ўз хавфсизлиги важидан бўлса керак, пулни четдаги чиқинди қутисига қўйиб кетишни тайинлайди. Муаллиф корейс тилида ички ишлар ходимлари пора олганини қайд этади.
2024 йилнинг 14 сентябрида жойланган видеолавҳа тўрт ой ўтиб ўзбек жамоатчилиги эътиборига тушган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, 2024 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 4-сонли ИИБ бошлиғи ўринбосари фоҳишахона ташкил қилган аёлдан пора олгани ортидан икки йилга қамалганди.
2024 йил октябрь ойида эса “муҳтожлик важидан” пора олган Cамарқанд вилояти Пахтачи тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакилига ҳукм ўқилганди.
Ҳусийлар 2023 йилда эгаллаб олинган кема командасини озод қилишди
Яман ҳудудининг бир қисмини назорат қилувчи “Ансоруллоҳ” (ҳусийлар) эронпараст гуруҳи 2023 ноябрида эгаллаб олинган “Гэлэкси Лидер” кемасида ишлаган денгизчилар озод қилинганини билдирди. Гуруҳ баёнотига мувофиқ, кема командасининг 25 нафар аъзоси Уммон воситачилигида озод қилинган. Улар орасида Украина, Филиппин, Болгария, Руминия ва Мексика фуқаролари бор.
Ҳусийлар Ғазо секторида ҲАМАС гуруҳига (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) қарши амалиёт олиб бораётган Исроил билан курашиш мақсадида Исроилга алоқадор бўлган ёки бу мамлакатга кетаётган кемаларни эгаллаб олиши ёки чўктириши ҳақида эълон қилганларидан кейин кўп ўтмай Қизил денгизда “Гэлэкси Лидер” юк ташувчи кемасини эгаллаб олишган эди. Улар Багама ороллари байроғи остида сузиб юрувчи мазкур кема исроиллик миллиардер Абрахам Унгарга алоқадорлигини иддао қилишган. Кема вертолёт билан десант туширилганидан кейин ҳусийлар томонидан эгаллаб олинган ва ўшандан буён тутиб турилибди.
Ўшандан буён Яман соҳилларида жами юзга яқин тижорат кемаси ҳусийлар ҳужумига учраган. Шу туфайли дунёдаги йирик савдо ширкатлари ўз кемаларининг ҳаракат йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлишган. 20 январь куни ҳусийлар Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилгани муносабати билан бундан буён фақат Исроил кемаларини ҳадаф олиб, қолган кемаларга ҳужумни чеклашлари мумкинлигини билдиришган.
Қозоғистон банклари яшаш учун рухсатномаси бўлмаган россияликларга ҳисобрақам очишдан бош торта бошлади
Қозоғистоннинг камида икки банки — Home Credit Bank ва Kaspi Bank — мамлакатда яшаш учун рухсатномаси бўлмаган россияликларга дебет карталарни чиқаришни тўхтатиб қўйган. Бу ҳақда РБК нашри хабар қилди.
Kaspi Bank йўқ деганда 3 февралгача банк карталарини беришни тўхтатган. Мазкур санадан кейин карта бериш қайта тикланиши ваъда қилинган. Янги тартиб-қоидаларга кўра, улар фақат бир йил муддатга берилади. Home Credit Bank эса карта беришни номаълум муддатга тўхтатиб қўйган. Банкларнинг бу қарори аввалроқ Қозоғистон молия бозорини бошқариш ва ривожлантириш агентлиги яшаш рухсатномаси бўлмаган хорижликларга бир йилдан кўп муддатга карта очишни тақиқлаб қўйгани билан боғлиқ. Мазкур чора, иддаога кўра, “наркотиклар ва рақамли активлар ноқонуний айланмаси соҳасида банк хизматларидан фойдаланиш хатарини камайтириш” учун қабул қилинган.
Украинада уруш бошланганидан кейин россияликлар Қозоғистон банкларида тез-тез ҳисобрақам очишни бошлашган. Бунга россияликларнинг Қозоғистонга оммавий равишда кўчгани ҳамда Россияга қарши жорий этилган санкциялар сабаб бўлган.
Чекловлар туфайли россияликлар эндиликда фақат банк картасини очиш учунгина Қозоғистонга келолмайди: ҳисобрақам очиш учун улар мамлакатнинг солиқ резидентига айланиб, солиқ тўлашлари лозим бўлади (Қозоғистонда яшаш учун рухсатнома олган хорижликлар автоматик равишда солиқ резидентига айланади).
Россия томонидан Украинага қарши кенг кўламли босқин бошлангани ва Путин томонидан қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Қозоғистон ўз мамлакатини тарк этишга қарор қилган россияликлар энг кўп келган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.
Қозоғистон ҳукумати маълумотига кўра, 2022 йилдан 2024 йилгача маҳаллий банклар томонидан Россия фуқароларига қарийб 695 мингта карта чиқариб берилган. Қозоғистон ИИВ маълумотларига кўра эса 2024 йилда 233 минг нафар россиялик Қозоғистонда шахсий индентификация рақамига эга бўлган. Айни пайтда Қозоғистонда қанча россиялик ҳақиқатдан ҳам яшаётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Чехияда Россия паспортидан воз кечмаганларга фуқаролик бериш тақиқланади
Россия Федерацияси паспортидан воз кечмаган россияликларга Чехия фуқаролигини бериш тақиқланиши кутиляпти. Мазкур тақиқ Чехия Сенати томонидан куни кеча маъқулланган Lex Ukrajinа қонунида кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат учун палата мажлисида иштирок этаётган 73 нафар депутатдан 21 нафари овоз берган ва расмиятчилик нуқтаи назаридан у қабул қилинган эмас. Бироқ у имзо учун президентга йўлланади.
Қонун муаллифлари ва тарафдорлари россияликларга ЕИга аъзо мамлакат паспортини олиш жараёнини қийинлаштириш ҳозирги шароитда ўзини оқлайди. Биринчидан, Россия қарийб уч йилдан буён Украинага қарши уруш олиб бормоқда, иккинчидан, Чехиядаги рус диаспораси ичида Кремль тарафдорлари ва Россия махсус хизматлари билан боғлиқ одамлар кўп.
Lex Ukrajinа қонунининг амал қилиш муддати тугагунича 15 ёшдан катта бўлган россияликлардан Чехия фуқаролигини олиш бўйича барча аризаларни кўриб чиқиш тўхтатилади – янги қонунда эса унинг амал қилиш муддати белгиланган эмас. Қонунга киритилаётган тузатишлар фақат озчилик одамлар учун дахлдор бўлмайди. Улар орасида қочқинлар, ёши 15 дан кичик бўлган болалар ҳамда Чехия иқтисодиёти ва маданиятига алоҳида ҳисса қўшган кишиларни санаш мумкин.
Қонун лойиҳаси Россия фуқароларидан Чехия паспортини олишдан аввал Россия паспортидан воз кечишни талаб қилади. Бироқ шундай бўлган ҳолда ҳам аризалар фақат Украинага қарши уруш тугаганидан кейингина кўриб чиқилади.
Чехияда яшовчи россияликлар ва айрим депутатлар қабул қилинган қонунни дискриминацион ҳужжат, деб ҳисоблашмоқда. Чехия омбудсмени аввалроқ мамлакат ички ишлар вазири Вит Ракушанга хат йўллаган эди. Қонунчиликка тузатиш киритиш ташаббуси айнан Ракушан партиясидан чиққан. Омбудсмен қонун лойиҳасини танқид қилиб, у дискриминация соҳасида кўплаб саволлларни юзага чиқараётганини билдирган.
Чехиядаги россияликларнинг ташаббускор гуруҳи қонун устидан судга мурожаат қилишини билдирган.
Аввалроқ мамлакат президенти Петр Павел қонунга эътирози йўқлигини ва уни имзолашни режалаётганини маълум қилгган.
Трамп “Россия товарларининг барчасига” солиқ, бож ва санкция киритиш билан таҳдид қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп Россия Қўшма Штатлар ва бошқа “[санкция чораларига] рози мамлакатлар” билан савдо қиладиган товарларнинг барчасига солиқ, бож ва санкциялар жорий қилишга тайёрлигини билдирди. Трамп, агар Москва Украинада тинчлик битими тузишдан бош тортса, чекловлар жорий қилишни ваъда қилди.
Дональд Трамп Truth ижтимоий тармоғида урушни якунлаш таклифи Россияга ва унинг президенти Владимир Путинга “катта илтифот” бўлиши ҳақида ёзган.
“Ҳозир ўзаро келишиб, бу бемаъни урушни тўхтатинг! У [бунинг буёғига] фақат ёмон томонга қараб кетади”, дея билдирган у.
Трамп Путин билан доим яхши муносабатда бўлганини қайд этган.
“Биз Россия қарийб 60 миллион қурбон берган ҳолда, Иккинчи жаҳон урушида ғолиб келишимизга ёрдам берганини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”, дея билдирган у.
Иккинчи жаҳон уруши чоғида Совет Иттифоқи томонидан урушда қурбон берилганлар расман 27 миллион киши ўлароқ кўрсатилган, айни пайтда тарихчиларнинг мақолаларида бошқа рақамлар ҳам келтирилади.
АҚШ президентига кўра, ҳозирда Россия иқтисодиёти синиш арафасида турибди.
“Келинг, бу урушни тўхтатамиз − агар мен президент бўлганимда бу уруш ҳеч қачон бошланмаган бўларди! Биз бу ишни осон ёки қийин йўл билан амалга оширишимиз мумкин — осон йўлдан юриш доим яхшироқдир”, дея хулоса қилган АҚШ президенти.
Сайловолди кампанияси чоғида Трамп Украинада “бир кеча-кундуз”да Украинада тинчликка эришишни ваъда қилган эди. Президентлик лавозимига киришганидан бир неча соат ўтгач, мухбирлар саволига жавоб бераркан, Дональд Трамп музокаралардан бош тортиш билан Путин Россияни хонавайрон қилаётгани ҳақида билдирган. Москва тинчликка эришиш бўйича музокараларга тайёр эканини айтмоқда.
Миллий терма жамоа бош мураббийи ўзгарди
Сречко Катанец футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигидан кетди. Унинг ўрнини мамлакат олимпия терма жамоаси мураббийи вазифасида ишлаб келган Тимур Кападзе эгаллади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) матбуот хизматининг маълум қилишича, Катанец соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли ассоциация билан тузилган шартномани ўзаро розилик асосида бекор қилишга қарор қилган.
Словениялик мураббий ўз мурожаатида ҳозирги ҳолатида вазифаларини тўлақонли, профессионал тарзда бажара олмаслигини афсус билан қайд этаркан, доимий қўллаб-қувватлагани ва самарали ҳамкорлик учун ЎФАга миннатдорлик билдирган.
Ўз навбатида, ЎФА Катанецга саломатлигини тиклаб, мураббийлик фаолиятини муваффақиятли давом эттиришни тилаган.
Сречко Катанец 2021 йил августидан буён Ўзбекистон миллий терма жамоасига мураббийлик қилиб келди. Унинг қўл остида терма жамоа 20 та расмий ўйин ўтказиб, 13 марта ғалаба қозонган, 5 марта дуранг ўйнаган ва 2 бор мағлубиятга учраган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Катанецнинг бетоблиги сабаб терма жамоа ЖЧ-2026 саралаш доирасидаги бир қатор ўйинларни бош мураббийсиз ўтказишга мажбур бўлган.
ЎФА матбуот хизматининг маълум қилишича, Катанец ўрнига Тимур Кападзе миллий терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланган.
“Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи ўйинларига оз вақт қолганини ҳисобга олиб, жамоа ва футболчилар билан яқиндан таниш бўлган, узоқ йиллар давомида миллий терма жамоа сафида тўп сурган ҳамда бош мураббий ва ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб борган, шунингдек, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан тарихий натижага эришган Тимур Кападзе номзоди илгари сурилди”, дея изоҳ берган ЎФА тайинлов юзасидан.
Миллий терма жамоага саралаш ўйинларини муваффақиятли якунлаб, ЖЧ-2028 иштирокчилари сафидан ўрин олиш вазифаси қўйилган.
Туркия: Дам олиш масканида чиққан ёнғинда 66 киши нобуд бўлди
Туркиянинг Болу вилоятида жойлашган Қарталқая чанғи марказида чиққан ёнғинда камида 66 киши ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда Hürriyet нашри ички ишлар вазири Али Ерлиқаядан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Нашр қайдича, ёнғин чоғида 50 дан зиёд одам тан жароҳати олган.
Ёнғин 237 киши яшаётган 12 қаватли меҳмонхонанинг ресторанида кечаси соат 03.30 атрофида бошланган. Бундан саросимага тушган икки киши ўзларини деразадан ташлаб, ҳалок бўлган. Айримлар адёл ва чойшабларга ўралган ҳолда ўз хоналаридан пастга тушишга ҳаракат қилишган.
Ёнғин сабаби ҳозирча маълум эмас – ҳукумат воқеа терговини олти нафар прокурорга топширган. Ҳодиса содир бўлган жойга ўнлаб ўт ўчириш машинаси ва 38 та “тез ёрдам” машинаси йўлланган.
Меҳмонхона тоғ ёнбағрида жойлашгани учун қутқарув ишлари қийин кечган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни 10 соатдан кейин ўчиришга муваффақ бўлишган.
Ёнғин сабабларини текшириш чоғида меҳмонхона эгаси дохил тўрт киши қўлга олинган. Суд телеёйин ёпиши мумкин бўлган ОАВга воқеани ёритишни тақиқлаб қўйган, бу содир бўлган ҳодиса учун далил тўплашни таъминлаш зарурлиги билан изоҳланган.
Қарталқаядаги бошқа меҳмонхоналарда яшаётган дам олувчилар эҳтиётан эвакуация қилиниб, воқеа жойидан унча узоқ бўлмаган ердаги меҳмонхоналарга жойлаштирилган.
Хитойда ўнлаб одамни босиб ўлдирган ҳайдовчи қатл этилди
Хитойда ўтган йилнинг ноябрь ойида Чжухай шаҳрида пиёдаларни ўзи минган жип билан қасддан босиб кетган 62 ёшли ҳайдовчи Фань Вэйцю қатл этилган. Ҳодиса чоғида 35 киши ҳалок бўлган, 43 киши турли даражада тан жароҳати олган эди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар қилди.
27 декабрь куни суд Вэйцюни “мудҳиш” ва “шафқатсиз жиноят”да айбдор деб топиб, уни “жамоат хавфсизлиги учун таҳдид туғдириши”ни қайд этиб, ўлим жазосига ҳукм қилган. Хитойлик ҳайдовчи 20 январь куни қатл этилган.
Вэйцю 2024 йилнинг 11 ноябрь куни спорт маркази яқинидаги ҳудудда пиёдаларни босиб кетган эди. Жабрланувчилар орасида қариялар, ўсмирлар ва болалар кўп бўлган. Ҳайдовчи жиноят содир этилган жойдан қочиб кетмоқчи бўлган пайтда полиция томонидан қўлга олинган.
Хитой нашрларининг ёзишларича, пиёдаларни босиб кетганидан сўнг Вэйцю ўзини ўлдиришга уринган. У ўзига етказган жароҳатлар туфайли касалхонага ётқизилган. Иддаога кўра, у бир муддат кома ҳолатида бўлган.
Қорақалпоғистонлик фаол Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди
Расмий Тошкент томонидан “сепаратизм”га оид жиноят иши бўйича қидирувга берилгани ортидан 2024 йили Қозоғистонда қўлга олинган қорақалпоғистонлик уч фаолдан бири Ринат Утамбетов ўтган ҳордиқ кунлари Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Бу ҳақда Туркманистон Хельсинки инсон ҳуқуқлари жамғармаси маълумот тарқатди.
Жамғарма маълумотига кўра, ўтган йил апрелида қўлга олинган 43 ёшли Ринат Утамбетов ўшандан буён Олмаота тергов ҳибсхонасида сақланаётган эди.
Манбаларнинг айримлари фаол Ўзбекистонга топширилганига бир ҳафтадан кўпроқ бўлгани, бошқалари эса у декабрь ойи охирида бериб юборилганини айтишмоқда.
Қорақалпоғистонлик мухолифатчи Аман Сагидуллаевга кўра, ҳозирги пайтда Утамбетов Тошкентда ҳибсхонада сақланмоқда, у ҳали Қорақалпоғистонга этап қилинган эмас. Фаол устидан суд баҳор охири - ёз бошларида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Аввалроқ Утамбетов бошпана сўраш тўғрисидаги илтимосномасининг кўриб чиқилишини тўхтатиш ҳақида сўрагани ва ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтишга қарор қилгани ҳақида ёзган эди. Маълумотларга кўра, унинг бу қарорга келишига Олмаотага келган қариндошларининг “ўгит”лари таъсир кўрсатган. Фаол экстрадициядан кейин унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайин этилишига умид қилган.
Утамбетов мухолифат ташкилотлари аъзоси бўлган эмас. Ўзбекистон расмийлари уни Telegram тармоғидаги виртуал гуруҳ орқали 2022 йил ёзида “тақиқланган” учта видеоматериал тарқатганликда айблаганлар. Қайд этилишича, уларда Нукусдаги норозилик намойишлари лидери Даулетмурат Тажимуратовнинг 2022 йил 1 июлида масжид олдида қилган чиқиши, қорақалпоғистонлик журналист аёл Лолахон Қаллиханова мурожаати ҳамда шинжонлик қозоқ Серикжан Билаш видеоси акс этган. Бу видеолар у томонидан асосан синфдошлари ва уларнинг хотинларидан иборат 10 киши аъзо бўлган гуруҳ ичида тарқатилган.
2023 йил сентябрида Утамбетов синфдошларидан бирининг “Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз” ва “Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш” моддалари бўйича 4 йилга озодлиги чекланган. Фаолнинг ўзи халқаро қидирувга берилган.
Инсон ҳуқуқлари жамғармаси Утамбетовга нисбат берилаётган видеоматериалларнинг ҳеч бири Қозоғистон қонунлари бўйича тақиқланган бўлиб ҳисобланмайди, фаол эса уларни Қозоғистонда туриб тарқатган.
Ҳуқуқбонларга кўра, ўтган йили этник қорақалпоқлар ҳуқуқлари бузилиши кузатилган. Улар Ўзбекистон мамлакат ичкарисида интернет-фаолликни бостириш ва қорақалпоғистонлик фаолларни хориждан экстрадиция қилинишига эришиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширгани, мамлакатда сиёсий маҳбуслар сони кўпайгани, улар қамоқхоналарда қийноқларга тутилганини таъкидлашмоқда. Расмий Тошкент қатағонларга оид хабарларни рад этиб келади.
2022 йил июль ойи бошида Нукусда норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Бу чиқишлар расмий Тошкент Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва унинг мамлакат таркибидан чиқиш ҳуқуқини бекор қилиш кўзда тутилган Ўзбекистон Конституциясининг янги лойиҳасини эълон қилгани ортидан бошланган. Мазкур воқеалар мустақил Ўзбекистон тарихида 2005 йили Андижонда кузатилган чиқишлардан кейинги энг қонли воқеалар бўлган.
Ўзбекистон расмийлари маълумотига кўра, икки кун ичида Нукусда 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши тан жароҳати олган. Ўшанда 500 киши қўлга олинган эди.
Трамп Капитолий штурми иштирокчиларини афв қилди
Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришганидан кейин 20 январь оқшомида имзолаган фармонларидан бири билан 2021 йил 6 январидаги норозилик акциясининг 1500 чоғли иштирокчисига нисбатан чиқарилган ҳукмларни юмшатди ва уларни афв қилди. Мазкур акциянинг кульминацияси Конгресс биносига ҳужум бўлган. Трамп тарафдори бўлган норозилар ўшанда 2020 йилдаги Жо Байден ғолиб топилган президент сайлови натижаларини сертификатлаш маросимига халақит қилишмоқчи бўлган.
Трамп фармони билан тўрт йил муқаддам исён чиқаришга уринишда айбланиб, судланган “Мағрур йигитлар” ва “Қасам қўриқчилари” ўнг радикал гуруҳларининг 14 нафар аъзосига нисбатан чиқарилган суд ҳукмлари юмшатилган. Матбуот хабарларига кўра, улар яқин орада қамоқдан озод қилинишлари лозим. Ҳуқуқ-тартибот хизматлари вакилларига нисбатан зўравонлик ҳаракатлари ёки Конгресс ҳудудига ноқонуний кириб олганлик учун судланганларнинг қолганлари (уларнинг кўпчилигига қамоқ жазоси тайин қилинган) афв этилган. Трамп фармонида “2021 йил 6 январида Капитолий ҳудудида ёки унинг атрофида содир бўлган воқеалар чоғида қонунни бузгани учун судланганларнинг ҳаммаси тўлиқ ва шартсиз афв қилиниши” ҳақида айтилган.
“Умид қиламанки, бу одамларнинг ҳаммаси бугун кечқурун озод қилинади”, дея билдирган президент Трамп фармонни имзолаш пайтида.
Тўрт йил аввал АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси спикери бўлган Нэнси Пелоси президентнинг қарорини “одил судлов тизимимизни ҳақоратлаш” деб атаган.
Олтинчи январь воқеалари ортидан унда иштирок этган кишилардан 1500 дан зиёдига нисбатан жиноий айбловлар эълон қилинган, пировардида 1100 га яқин киши судланган, улардан 600 га яқини қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Фармон имзоланган пайтда судланганлардан кичик бир қисми қамоқда жазо ўтаётган эди.
Исроил ва ҲАМАС ўртасида сулҳ битими кучга кирди
Жорий йилнинг 19 январь куни маҳаллий вақт билан соат 11.15 да Исроил Ғазо секторида оташкесим эълон қилди.
Ғазодаги жанговар ҳаракатлар 2023 йил 7 октябрида ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб эълон қилинган) Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 кишини ўлдиргани ва 250 чоғли одамни гаровга олгани ортидан бошланиб кетган эди. Гаровдагиларнинг бир қисми авваалроқ алмашувлар пайтида озод қилинган.
Исроил махсус хизматлари ҳисоб-китобига кўра, ҳозирда ҲАМАС қўлида 99 киши гаровда қолмоқда, улардан бир қисми ўлгани тахмин қилинади.
Исроиллик расмийлар қайдича, якшанба оқшомида гаровда бўлган уч нафар аёл озод қилинган. ҲАМАС вакиллари уларни Халқаро Қизил хоч ходимларига топширишган.
Гаровдан озод қилинган Роми Гонен, Эмили Дамари ва Дорон Штайнбрехер аллақачон оила аъзолари билан учрашишган. Хабарларга кўра, кеча Исроилда одамлар бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида ҲАМАС асоратида бўлган бу уч аёлни олқишлаш учун кўчаларга чиқишган. Бу аёлларнинг озод қилиниши эвазига Исроил ўз қамоқхоналарида сақланаётган 90 нафар фаластинликни озод этишни ваъда қилган.
АҚШ президенти Жо Байден Ғазода ўт очишни тўхтатиш, гаровдагиларни озод қилиш ва секторга гуманитар ёрдам етказиш бўйича эришилган келишувларни олқишлаган. АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида эришилган сулҳ битими Байден президентлик ваколатларини Дональд Трампга топширишидан бир кун аввал кучга кирган.
Трамп ўзининг $TRUMP криптовалютасини муомалага чиқармоқчи
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқларда $TRUMP номли ўз криптовалютаси муомалага чиқарилишини эълон қилди. Криптовалюта муомалага киритилган илк кунда фойдаланувчилар 200 миллион тангани сотиб олиш имконига эга бўлишади, уч йил ичида эса умумий таклиф бир миллиард тангага етади.
Ишга тушганининг илк соатида $TRUMP мемкоини капитализацияси уч миллиард долларга етган, бир ярим соат кейин эса тўрт миллиард доллардан ошган.
Аввалроқ криптовалютани товламачилик деб атаган Трамп сайловолди кампанияси чоғида бу борадаги фикрини ўзгартирган. У АҚШни “жаҳон криптовалюта пойтахти”га айлантириш ва биткоинлар миллий захирасини жамғаришни ваъда қилган.
Ўтган йилнинг декабрь ойи бошида Трамп криптолоббист Пол Аткинсни Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссия раҳбари лавозимига кўрсатишини эълон қилган. Мазкур комиссия Комиссия молия оламида криптовалюталарнинг энг нуфузли душманларидан бири бўлиб ҳисобланади. Регулятор етакчи криптовалюта ширкатларини судга бергани маълум.
Трампнинг Аткинсга оид қарори ортидан биткоин қиймати илк бор юз минг доллардан ошиб кетган.
Истанбулда қўлбола ароқдан ўлганлар сони 38 нафарга етди
Истанбулда қалбаки спиртли ичимликлар истеъмол қилиш оқибатида вафот этганлар сони 38 нафарга чиқди.
Турк матбуотидаги хабарларга мувофиқ, қўлбола ароқ истеъмоли ортидан сўнгги беш кун ичида маҳаллий турғунлар ва хорижликлар дохил 92 киши Истанбулдаги турли касалхоналарга мурожаат этган. Ичкиликдан заҳарланганлардан 38 киши ҳаётдан кўз юмган, 8 киши эса муолажадан сўнг касалхонадан чиқиб кетган.
Айни пайтда спиртли ичимликдан заҳарланиш туфайли касалхонада муолажа олаётганлар сони 46 нафар бўлиб, улардан 26 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси томонидан 17 январь куни ёйинланган хабарномада пайшанба қўлбола спиртли ичимликдан вафот этган ўзбекистонликлар сони 14 нафарга етгани очиқланган. Улардан 6 нафари 14 январь, 4 нафари 15 январь, яна 4 нафари эса 16 январь куни вафот этган. Хабарномада касалхонада ётган яна уч нафар ўзбекистонликнинг аҳволи оғирлиги қўшимча қилинган.
Аввалроқ бош консулхона қалбаки спиртли ичимлик тайёрлашга алоқадорликда айбланиб, 2 нафар туркманистонлик қўлга олингани, ароқдан заҳарланиш ҳодисаси ортидан маҳаллий полиция кенг қамровли тергов ишларини бошлаб юборгани ҳақида маълум қилган эди.
Истанбул ҳокимлиги маълумотига кўра, 16 январь куни маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Истанбул шаҳрида 32 минг 862 литр қалбаки спиртли ичимлик мусодара қилинган.
“Тадбирлар Султангази, Фатих, Бакиıркўй, Кучукчекмеже, Чаталcа, Эсенюрт, Зейтинбурну ва Бейкўз туманларида ўтказилиб, 9 нафар гумонланувчи қўлга олинган. Текширувлар чоғида 227 шиша сохта ичимлик ва дистиллаш ускунаси ҳам топилган. Қўлга олинганлардан 3 нафари полициядаги сўроқлардан сўнг қўйиб юборилган бўлса, 6 нафарининг тергови давом этмоқда”, дейилган Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабарномасида.
Исроил ва ҲАМАС Ғазо бўйича сулҳ шартномасини имзолашди
Қатар пойтахти Дохада Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни алмаштириш тўғрисидаги шартноманинг якуний версияси имзоланди. Бу ҳақда 17 январга ўтар кечаси Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу офиси вакиллари маълум қилишган.
Исроилнинг ҳарбий мулозимлари эришилган шартномани тасдиқлаш учун 17 январь куни йиғилиш ўтказишади. Бироқ битим ҳукуматнинг тўлиқ таркиби томонидан ҳам тасдиқланиши лозим, у эса, Нетаняҳу матбуот хизматига кўра, шанба оқшомидан аввал йиғилолмайди. Шу важдан ҳам шартноманинг кучга кириши 19 январдан тақрибан 20 январь туш пайтигача қолдирилади, дея маълум қилган Исроил бош вазирининг ёрдамчиси Axios нашрига.
Пайшанба (16 январь) куни Нетаняҳу офиси ҲАМАС сўнгги дақиқада шартноманинг қатор шартларидан бош тортгани ва шартномага янги бандлар қўшишга уринаётгани туфайли Исроил ҳукумати ҲАМАС билан сулҳ шартномасини маъқуллаш учун овоз беролмаслигини билдирган.
Кеча оқшом Қатардаги музокараларда томонлар битимнинг иккинчи босқичидаги алмашув доирасида ҲАМАСнинг юқори лавозимли аъзоларини озод қилишга оид талабларни тушириб қолдирган ҳолда якуний тузатишларни ўзаро мувофиқлаштирган.
Исроил ва ҲАМАС вакиллари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни алмаштириш тўғрисида келишувга эришгани ҳақида 15 январь куни маълум бўлган эди. 16 январь куни Исроил фаластинликларни келишувни барбод қилишга уринганликда айблаб чиққан. ҲАМАС вакиллари гуруҳ келишилган ҳужжатга амал қилаётганини билдиришган. Шартнома шартларига кўра, биринчи босқичда Исроил армияси Ғазодан қўшинларини олиб чиқишни бошлайди, ҲАМАС эса 2023 йил 7 октябрь куни гаровга олинганлардан 33 нафарини озод қилади.
Иккинчи босқичда томонлар ўт очишни тўлиқ тўхтатишга ва гаровдагиларнинг қолганларини озод қилишга келишишган, бунинг эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинлик мингга яқин маҳкум озод этилади.
Учинчи босқичда томонлар ҳалок бўлганларнинг жасадларини бир-бирларига топширишади. Ўша пайтга бориб Ғазо секторида Миср, Қатар ва БМТ кузатуви остида тиклаш ишларини бошлаш кўзда тутилмоқда.
ҲАМАС назорати остида бўлган Ғазодаги жанговар ҳаракатлар фаластинлик жангарилар 2023 йил 7 октябрида Исроилга уюштирган ҳужуми ортидан бошланган. Ўша ҳужумларда 1200 га яқин одам ўлган, 250 чоғли одам гаровга олинган. Улардан бир қисми алмашувлар пайтида озод қилинган. Исроил махсус хизматлари ҳисоб-китобига кўра, ҳозирда ҲАМАС қўлида 99 киши гаровда қолмоқда, улардан бир қисми ўлгани тахмин қилинади.
Ҳужумга жавобан Исроил томонидан секторда бошлатилган ҳарбий амалиёт чоғида, ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 45 мингдан зиёд фаластинлик ўлдирилган. Шунингдек, ўтган давр ичида ҲАМАСнинг қатор раҳбарлари ўлдирилган ва гуруҳ ҳарбий инфратузилмасининг бир қисми йўқ қилинган.
Трамп “Ҳолливуд бўйича махсус элчилар” тайинламоқчи
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп актерлар Сильвестр Сталлоне, Мэл Гибсон ва Жон Войт номзодини “Ҳолливуд бўйича махсус элчилар” вазифасига кўрсатди.
Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида бу “уч жуда талантли одам” Қўшма Штатлардаги кино саноати Жо Байден бошқаруви чоғида бой берган мавқеини “қайтариб олиш” учун унинг “кўзи ва қулоғи” бўлишини ёзган.
Бу вазифа ваколатли лавозим бўладими ёки шунчаки “фахрий лавозим” бўладими − Трамп бунга аниқлик киритган эмас.
АҚШнинг сайланган президенти аввалроқ ҳам давлат бошқаруви тизимида бўлмаган лавозимларни жорий этиб, уларга муайян кишиларни раҳбар этиб тайинлаши ҳақида баёнотлар берган. Хусусан, у президент сайловида ғалаба эълон қилинганининг ортиданоқ тадбиркорлар Илон Маск ва Вивек Рамасвами “шишиб кетган давлат аппаратини қисқартириш ва қайта ташкил этиш мақсадида” тузилажак янги муваққат тузилмага етакчилик қилишини билдирган.
Трампга кўра, икки тадбиркор давлат хизматларида “радикал ўзгаришлар” ташаббуси билан чиқиши керак бўлган “Ҳукумат самарадорлиги бўйича бошқарма”га масъул этиб тайинланади. Янги бошқарманинг мақсади, Трамп қайдича, “давлат бюрократияси демонтажи, ҳаддан зиёд регуляцияни камайтириш, самараси бўлмаган харажатларни камайтириш ва федерал хизматларни қайта ташкил этиш”дан иборатдир. У мазкур бошқарма 2026 йил июлига бориб ўз фаолиятини тугатиши лозимлигини қўшимча қилган.