Ғазодаги урушдан ҳолдан тойган кўплаб фаластинликлар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги оташкесимнинг учинчи кунида вайронага айланган уйларига қайта бошлади.
Оташкесим 15 ойлик урушдан сўнг, якшанба куни ҲАМАС томонидан гаровга олинган дастлабки уч кишининг топширилиши ва 90 нафар фаластинликнинг Исроил қамоқхоналаридан озод этилиши билан кучга кирди.
Энди эътибор қирғоқ ҳудудини қайта тиклашга қаратилмоқда. Исроил ҳарбийлари ҲАМАСни йўқ қилиш мақсадида олиб борган кампанияда бу ҳудудни яксон қилган эди. Бу ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилган ҳужумига жавобан амалга оширилганди.
Айрим ғазоликлар ҳатто яшаган жойларини ҳам танимай, бир неча ой бошпана топган чодирларига қайтишди. Бошқалар эса уйларининг вайроналарига қайтиш учун вайроналарни тозалашни бошлади.
"Биз уйни тозалаяпмиз, вайроналарни олиб ташлаяпмиз, шунинг учун уйга қайтишимиз мумкин. Мана булар кўрпа-тўшаклар, ёстиқлар, уйда бошқа ҳеч нарса қолмаган," дейди фаластинлик аёл Валаа Эл-Эрр Ғазо марказидаги ўнлаб йиллар олдин қурилган Нусайрат қочқинлар лагеридаги бомбаланган уйида вайрон бўлган буюмларини кўрсатиб.
Унинг айтишича, ўз маҳалласига қайтиш ҳисси "таърифлаб бўлмас даражада" эди. У шанба куни кечаси бедор бўлиб, эртаси куни оташкесим кучга киришини кутганини айтди. Аммо тинчлик келишуви ҳақидаги хабар атрофидаги умидворлик сўниб бормоқда.
"Лагерга кирганимда кўзларимга ёш келди, чунки лагеримиз илгари бундай эмас эди, энг яхшиси эди. Биз кетганимизда барча миноралар ва уйлар ҳали ҳам бутун, қўшнилардан ҳеч бири ҳалок бўлмаган эди," дея афсус билан гапирди у.
Ҳудуднинг шимолида жойлашган Ғазо шаҳрида уч фарзанднинг онаси Абла якшанба куни тинчлик келишуви амалга ошганига ишонч ҳосил қилиш учун бир неча соат кутди ва Исроилнинг бомбалари ва қуруқликдаги ҳужумлари натижасида вайрон бўлган Тел Ал-Ҳава туманидалиги уйига йўл олди.
Унинг айтишича, манзара "даҳшатли" эди, чунки етти қаватли бино ер билан яксон қилинган, "печенье парчасидек эзиб ташланган" эди.
"Мен ҳудудга қаттиқ зарба берилганини ва уйимиз йўқ бўлиб кетган бўлиши мумкинлигини эшитган эдим, лекин балки бутун қолгандир деган умид ҳам йўқ эмасди," деди у Reuters’га мессенжер иловаси орқали.
"Мен топган нарса шунчаки уй эмас, балки хотиралар қутиси эди. У ерда болаларим туғилган, уларнинг туғилган кунларини нишонлаганмиз, овқат пиширганман ва уларга биринчи сўзлари ва ҳаракатларини ўргатган эдим," дейди у.
Баъзилар уйларининг вайроналари ёнига чодир тикишди ёки вайрон бўлган уйларга кўчиб ўтишди ва қайта қуриш қачон бошланишини сўрашмоқда.
БМТ томонидан шу ойда эълон қилинган зарарни баҳолаш натижаларига кўра, Исроилнинг бомбалашидан қолган 50 миллион тоннадан ортиқ вайроналарни тозалаш 21 йил давом этиши ва 1,2 миллиард долларгача тушиши мумкин.
Энг ёмони, вайроналарнинг баъзилари асбест билан ифлосланган деб тахмин қилинмоқда, чунки 1940 йиллардан бери Ғазодаги вайрон бўлган қочқинлар лагерларининг баъзилари шу материал билан қурилганлиги маълум.
Ғазо соғлиқни сақлаш органлари маълумотларига кўра, можарода камида 47 000 киши ҳалок бўлган, вайроналар орасида яна минглаб одамларнинг жасадлари бўлиши мумкин.
БМТнинг Тараққиёт дастури ҳисоботида айтилишича, Ғазодаги ривожланиш уруш туфайли 70 йил ортга сурилди.
"Улар (ғазоликлар) уйларига қайтишлари мумкин... Буни уй деб аташ бироз қийин, чунки улар асосан, айниқса шимолда, вайрона уюмларни топишмоқда. Шунинг учун уларга бу борада ёрдам керак," деди сешанба куни Женевада бўлиб ўтган матбуот анжуманида БМТнинг Гуманитар ишлар бўйича мувофиқлаштириш бошқармаси матбуот котиби Йенс Лерке.
Жасадлар кавлаб олинмоқда
Фаластинлик қутқарувчилар Ғазо аҳолисининг уй вайроналари остида ва йўл четларида кўмилган қолдиқларини қидиришни давом эттирди. Ғазо фуқаролик фавқулодда хизмати маълумотларига кўра, битим кучга кирганидан бери камида 150 та жасад топилди.
Ижтимоий тармоқларда чириб кетган жасадларнинг даҳшатли тасвирлари тарқалди. Бир неча ой олдин Исроил танклари ва булдозерлари томонидан текисланган Шежагия қабристонида бир неча киши қариндошлари қабрларини қидириб, ерни қазиётган эди.
Ғазо шаҳридаги қабристонда Атиф Жундия шундай дейди: "Мен отамнинг, акамнинг ва акамнинг хотинининг қабрларини қидиряпман, лекин уларни топа олмаяпман."
Жундия Reuters агентлигига: "Биз ўт очиш тўхтатилганидан хурсандмиз, лекин шу билан бирга, ҳали ҳам шаҳидларимизни ва уларнинг қабрларини қидиряпмиз, аммо топа олмаяпмиз," деди.
Фуқаролик фавқулодда хизмати маълумотларига кўра, вайроналар остида 10 мингга яқин жасад қолган. Хизмат вакиллари тахминига кўра, бир неча ой давом этадиган қазиб олиш ишлари учун оғир техника ва ер қазувчи транспорт воситаларини жалб этиш зарур.
Форум