ДХХнинг собиқ раиси Абдусалом Азизов Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) президенти лавозимини тарк этди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
ЎФАнинг Телеграмдаги расмий каналида жорий йил 22 февраль куни ассоциациянинг навбатдан ташқари сайлов қурултойи бўлиб ўтиши ва унгача ташкилот президенти вазифасини биринчи вице-президент Равшан Эрматов бажариб туриши маълум қилинган.
Абдусалом Азизов ЎФАни 2019 йил 15 июлдан буён бошқариб келаётганди.
Озодлик аввал хабар берганидек, 2024 йилнинг 23 ноябрь куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида президент Шавкат Мирзиёев Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-лейтенант Абдусалом Азизовни лавозимдан бўшатганди.
Озодлик манбалари ушбу истеъфони ўтган йилнинг 26 октябрь куни Қибрай туманида Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд билан боғлашган.
Лавозимдан бўшатилиши ортидан Хавфсизлик кенгаши котибияти ихтиёрига ўтказилган генерал Азизов 2024 йил 4 декабрь куни президентининг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган.