Линклар

Шошилинч хабар
22 январ 2025, Тошкент вақти: 20:33

"Ислоҳотчилар ва уларга қарши кучлар ўртасидаги кураш". Халқаро матбуот Алламжоновга суиқасд ҳақида


Комил Алламжоновга суиқасддан қарийб уч ой ўтиб ўзбек расмийлари унинг мотивлари борасида бирон изоҳ бергани йўқ. Коллаж
Комил Алламжоновга суиқасддан қарийб уч ой ўтиб ўзбек расмийлари унинг мотивлари борасида бирон изоҳ бергани йўқ. Коллаж

Ўтган йилнинг 26 октябрида Ўзбекистон Президенти администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд халқаро матбуотда Ўзбекистондаги сиёсий ҳокимият учун парда ортидаги кураш билан бир қаторда Мирзиёев атрофидаги ислоҳотчи ва собиқ режим тарафдорлари ўртасидаги зиддият сифатида талқин қилинмоқда.

“Новая газета” мазкур жиноятда Тошкентдаги норасмий “Офис”нинг эҳтимолий ролини таҳлил этган бўлса, The Diplomat нашри суиқасдга қадар Алламжоновни АҚШ санкциялар рўйхатига киритишга уриниш тафсилотларига ўрин берган. Newsmax таъкидича эса, Қўшма Штатлар ҳукумати суиқасд ҳодисасига “миллий хавфсизликка дахлдор” масала сифатида эътибор қаратиши керак.

“Амалга ошмай қолган фитна”

Озодлик Ўзбекистоннинг яқин тарихидаги энг шов-шувли сиёсий қотилликка уриниш мавзусида қатор суриштирувлар эълон қилиб келмоқда. Ушбу суриштирувлар The Diplomat журналида 10 январь куни чоп этилган мақола учун асосий манбаларидан бири бўлганини кўриш мумкин.


2024 йил декабрь ойида БААнинг Дубай шаҳрида ҳибсга олинган Ўзбекистон ватандоши Улуғбек Шодмонов 8 январь куни Тошкентга экстрадиция қилинди.

Тошкентдаги норасмий “Офис” билан боғлиқ суриштирувларда номи ўртага чиққан Шодмонов Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбарининг эндиликда собиқ ўринбосари Отабек Умаров атрофидаги муҳим шахс деб ишонилади.

Шодмоновнинг Ўзбекистонга топширилиши Тошкентда Алламжонов суиқасд иши бўйича ёпиқ маҳкама бошланган пайтга тўғри келди.

Шодмонов ҳимоясига эълон қилинган мақолада унинг мазкур суиқасдга оид жиноят ишига жалб этилиши эҳтимолидан хавотир билдирилган.

Лондонда жойлашган Detained in Dubai ташкилоти “муваффақиятли фаолият юритиб келаётган тадбиркор Шодмонов БААдан Ўзбекистонга ноқонуний равишда экстрадиция қилингани” ҳақида баёнот берган. Адвокатлари тадбиркорга қарши айбловлар сиёсий экани ва у Ўзбекистон ҳибсхонасида қийноққа тутилишини ҳам иддао қилишган.

“Аммо The Diplomat нашри ихтиёридаги, Шодмонов Дубайда ҳибсга олинганидан бир неча ой аввалги саналарга мансуб мактублар буткул бошқа ҳолатга шоҳидлик беради. Унга кўра, Шодмонов ноқонуний ҳамлага нишонга бўлган жабрдийда эмас, балки АҚШ санкциялар тизимини манипуляция қилишга уриниш амалиёти иштирокчисидир. Пировардида амалга ошмай қолган ушбу ҳаракат мамлакатдаги сиёсий курашларда мухолиф лагерга мансуб ўзбек мулозимларини жазолашга қаратилган эди”, деб ёзади мақола муаллифи Кэтрин Путц.

Мақолада 2024 йил сентябрга қадар Президент администрациясида ахборот сиёсатига масъул бўлган Алламжоновни ёмонотлиқ қилиш кампанияси амалга оширилганига эътибор қаратилган.

“2024 йил мобайнида Алламжоновни интернетда обрўсизлантириш кампанияси уюштирилди, жумладан, у ишдан ҳайдалиб, хорижга қочиб кетгани ҳақида овоза тарқатилди. Бир неча ой ўтиб, Тошкентда Алламжоновнинг машинаси ўққа тутилди. Бу эса уни обрўсизлантириш ёки жазолашга қаратилган уринишлар иш бермагани ва янада кескин чораларга киришилганидан далолат беради”, деб ёзади муаллиф.

Озодлик аввал хабар берганидек, ўтган йилдекабрь ойида Арманистон ватандоши бўлган тадбиркор Овик Мкртчян Улуғбек Шодмонов ва унинг ҳамкори Станислав Цацкин унинг ноқонуний ҳибсга олингани, ҳатто қийноқ қўлланишига алоқадорлигини иддао қилиб, Ўзбекистон Бош прокуратурасига шикоят аризаси киритган.

Мкртчян, бошқа бизнеслар қаторида, Лондон ва Тошкентда офисларга эга Gor Investment Limited инвестиция компаниясининг асосчиларидан бўлиб, компаниянинг маслаҳат кенгаши аъзоси ҳам ҳисобланади.

GOR Investment Limited маслаҳат кенгаши таркибидан, шунингдек, АҚШ собиқ давлат котиби ва Марказий разведка бошқармасининг собиқ директори Майк Помпео, АҚШ собиқ энергетика вазири ва Техас губернатори Рик Перри ҳамда собиқ АҚШ дипломати Томас Шеннонлар ҳам ўрин олган.

“2024 йил 17 январда мени ДХХ ходимлари ҳибсга олишди. Қилмаган жиноятларимга иқрор бўлишим учун 85 кун мобайнида менга босим қилинди, қийноқлар қўлланди, мени ва бутун оила аъзоларимни Интерпол қидирувига беришди... Ҳибсга олинишимнинг асл сабаби шуки, 2023 йил бошларида Улуғбек Шодмонов деган шахс менга таниш бўлган Станислав Цацкин орқали мендан маслаҳат кенгашим аъзолари – жаноб Майк Помпео ҳамда Том Шеннон АҚШ маъмурияти тарафидан Ўзбекистон бошқарувидаги икки юқори мартабали мулозим – Ли Дмитрий Романович (Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори – таҳр.) ва Алламжонов Комил Исмоиловичга босим ўтказиб, кейинчалик уларнинг санкциялар рўйхатига киритилишини талаб қилди. Мен бу талабни бажаришдан бош тортдим”, деган Овик Мкртчян Мирзиёевга мурожаатида.

The Diplomat ёзишича, 2024 йил 18 январь, 2 апрель ва 10 апрель кунлари GOR Investment маслаҳат кенгаши аъзолари томонидан Мирзиёевга йўлланган мурожаатномаларда ҳам Мкртчян Шодмоновнинг талабини бажармагани учун сохта айблов билан қамалгани урғуланган.

“Айни пайтда биз на сиёсий, на ҳуқуқий низомга мувофиқ келадиган қалтис вазиятга гувоҳ бўлмоқдамиз: тадбиркор Ўзбекистон Республикасининг юқори мартабали мулозимларини йўқ қилиш учун ўз каналларидан фойдаланмоқда ва санкция босими ўтказиш имконига эга хорижий муассасалар билан алоқа ўрнатмоқда. Бу жараёнда у ўз шахсий манфаатларини ҳукумат манфаатларидан устун қўймоқда, боз устига, (ДХХнинг) калтабин ходимларини ишга солган ҳолда ҳукумат ва махсус хизматлар обрўсини тўкмоқда”, дейилади 10 апрель куни йўлланган мактубда.

Нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи компания саналган United Cement Groupнинг 100 фоиз улушига эгалик қилувчи Шодмонов номи Тошкентда тадбиркорлар ва мулозимларга ноқонуний босим ўтказиб келгани айтилган норасмий “Офис” билан ёнма-ён янграмоқда.

“Давлат ичида илдиз отадиган яширин ташкилотлар сирасига кирувчи Ўзбекистондаги “Офис” ишбилармонлар ва мулозимларга турли йўллар билан, жумладан, Ўзбекистоннинг “ёввойи ғарб” блогосферасини ўз йўриғига солиш орқали туҳмат кампаниялари уюштирган. The Diplomat манбаси уни “давлат ичидаги давлат” деб атади. Унга кўра, “Офис” қўрқитиш орқали бизнесларни тортиб олган. Мишмишларга қараганда, “Офис”га Умаров бошчилик қилган”, деб ёзади муаллиф.

The Diplomat Алламжонов “Офис” фаолиятини фош қилгани ортидан у ва Отабек Умаров ўртасида ихтилоф юзага келгани ҳақидаги версияни дастаклайди. Айни пайтда нашр ўз ихтиёрида Умаровни норасмий “Офис”га тўғридан-тўғри боғловчи ҳужжат мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

Мақолада Шодмоновнинг икки мулозимни Вашингтон “қора рўйхати”га киритишга уриниши хавотирли тенденция ўлароқ баҳоланган.

“Ушбу уриниш амалга ошмай қолгани шундай ҳаракат умуман содир этилмагани ёки келажакда яна содир этилмаслигини англатмайди”, дея хулоса ясайди Кэтрин Путц.

“Россия фойдасига монополлашув”

“Новая газета” Алламжонов суиқасди ортидан Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида бир қатор истеъфолар ҳамда ҳибслар амалга оширилганини қайд этаркан, юзага келган таранг вазиятни “кучишлатар тизимлардаги ички уруш” деб атайди.

Нашрнинг ёзишича, ҳали қирққа ҳам тўлмаган Шодмоновнинг Ўзбекистонда йирик бизнес империя барпо этгани сири оддий: у Отабек Умаровдек қудратли шахсга суянган.

“Яқингача Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбари муовини лавозимида фаолият юритган бу мансабдор мамлакатнинг бутун кучишлатар тизимини норасмий равишда назорат қилган. Изчил равишда муқобил ҳокимият вертикалини шакллантирган. Унга яқин одамлар бошқарув тузилмаларида муҳим лавозимларни эгаллашган ва нефть-газ қазиб олишдан то шакар, дори-дармон ишлаб чиқаришга қадар – иқтисодиётнинг бутун бошли секторларига эгалик қилишган”, деб ёзади муаллиф Андрей Сухотин.

United Cement Group 2021 йилда Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводларидан бири “Қизилқумцемент”ни сотиб олган. АҚШ конгрессмени Уэсли Хант ушбу тендерни шаффоф эмас, дея танқид қилган.

“2022 йил бошида Кипрда рўйхатдан ўтган, аммо Ўзбекистон ва Россияда фаолият юритувчи UCG Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги энг йирик цемент заводларидан биридаги улушини “шаффоф” деб номланган битим асосида сотиб олди. Аммо бу “шаффоф” битимнинг расмий тендерсиз ва сезиларли чегирма билан амалга оширилгани айниқса шубҳали. Бунинг натижасида UCG компанияси Ўзбекистондаги цемент ишлаб чиқариш қувватларининг қарийб 50 фоизини назорат пакетига эга бўлди. Биз хусусийлаштириш ниқоби остида Россия фойдасига монополлашув гувоҳи бўлмоқдамиз”, деган америкалик конгрессмен.

“Новая газета” Шодмоновни “нуфузли кучишлатар гуруҳнинг бош молиячиси, Россия билан мустаҳкам ришталар орқали боғланган шахс” деб таърифлайди.

Мақолада Алламжонов томонидан “Офис”нинг фош қилиниши унга қарши суиқасднинг сабабларидан бири, деган тахмин илгари сурилган.

“Алламжонов мамлакатда ислоҳотларни тарғиб этиш бўйича қизғин фаолиятдан ташқари, президентга “Офис”нинг суиистеъмолчиликлари ҳамда ушбу қудратли тузилма қаҳрига учраган шахсларга нисбатан содир этилган зўравонликлар ҳақида мунтазам равишда ахборот бериб турган”, деб ёзади муаллиф.

“Вашингтон Тошкентга суиқасд терговида кўмак бериши керак”

“Конструктив келажак учун қўмитаси” (CFACT) катта таҳлилчиси Дагган Фланакин Newsmax нашрида чоп этилган мақоласида Алламжонов суиқасдини қаттиққўллик ва ислоҳоттарафдорлари ўртасидаги кураш сифатида талқин қилган.

Муаллиф фикрича, мамлакатдаги очиқлик сиёсатига мухолиф бўлган кучлар суиқасдга уриниш орқали ислоҳотчиларни қўрқитиш, демократик ўзгаришларни секинлаштиришни кўзлаганлар.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2024 йил 25 ноябрь кунги хабарномасида суиқасдга алоқадорликда гумонланиб, қўлга олинганлар сони 7 кишига етгани, улардан бири Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган Жавлон Юнусов экани ҳақида маълум қилганди.

Озодликнинг ҳукуматдаги манбаси Юнусовни Отабек Умаровнинг водий бўйича “ўнг қўли” эканини иддао қилган.

Кейинроқ Тошкент суиқасд иши доирасида Россия фуқаролари Бислан Расаев ва Шамил Темирхановга нисбатан халқаро қидирув эълон қилган. Бунга жавобан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров “ҳийла-найранг, бўҳтон ва уйдирма қилаётганлар жавоб бериши” ҳақида таҳдидли баёнот берган.

Фланакин “чечен изи” мавжуд ушбу жиноят ишига шунчаки ҳуқуқий процесс эмас, балки ёш демократик давлатдаги вазиятни издан чиқариш кўзланган деструктив ҳаракат деб қараш лозим, деб ҳисоблайди.

“АҚШ дастагисиз Ўзбекистондаги аксилислоҳотчи кучлар янада кучайиши ва мамлакат ислоҳотлардан чекиниб, Путиннинг экспансия режалари домига тортилиши мумкин. Демократик, барқарор ва мустақил Ўзбекистон АҚШ миллий манфаатларига мувофиқ келади. АҚШ Алламжонов суиқасдини тергов қилишда Ўзбекистонга ўз кўмагини таклиф этиши ва ҳукуматни суд жараёни очиқ бўлишига чорлаши керак”, деб ёзади Дагган Фланакин.

Таҳлилчига кўра, Марказий Осиёда Хитой, Россия ва Эроннинг таъсири ошиб бораётган бир пайтда АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистонга жиддий эътибор қаратиши, жумладан, мамлакатга ташриф буюриши мақсадга мувофиқдир.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, ДХХ ва ИИВнинг собиқ тезкор ходимлари дохил ўндан зиёд судланувчи жалб этилган Алламжонов суиқасди бўйича суд мажлиси Тошкент шаҳри ҳарбий судида ёпиқ тарзда ўтмоқда. Бу борада на Олий суд, на Бош прокуратура расмий маълумот эълон қилгани йўқ. Ҳозирча панжара ортидаги судланувчилар ва уларга қўйилаётган айбловлар маълум эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев ёки унинг администрацияси вакиллари ҳозиргача сиёсий деб баҳоланаётган 26 октябрдаги суиқасд юзасидан бирон баёнот бермаганлар.

Ўтган йил кузида администрациядаги лавозимини тарк этган ва бундан буён бизнес билан шуғулланишини айтган Комил Алламжоновнинг ўзи ҳам суиқасд мотивлари борасида бирон изоҳ берганича йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG